A+ A-

Муҳтарам ҳамюртлар! “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси, авваламбор, Сизларни кириб келаётган Янги йилингиз муносабати билан самимий муборакбод этиб, бутун эл-юртимиз қатори Сизларга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, хонадонингизга қут-барака тилашга ижозат бергайсиз!.

Маълумингизки, кейинги кунларда республикамизнинг айрим ҳудудларидаги, шу жумладан Тошкент шаҳридаги АЁҚШларда автобензинга бўлган навбат кўпайиб, аҳолига муайян даражада ноқулайлик туғдирмоқда ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Таҳлилларимизга кўра бундай ҳолатга айрим шов-шув ишқибозларининг “Янги йил арафасида автомобиль ёнилғиси танқис бўлар экан!”, “Ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетганлиги сабабли, автобензиннинг нархи ошар экан!” – деган уйдирмаларига ишонган баъзи ҳамюртларимизнинг автобензинни мумкин қадар кўпроқ заҳира қилиб олишга ҳаракат қилаётганлиги сабаб бўлмоқда.

Айни кунларда юзага келган мазкур муаммони зудлик билан ҳал этиш, камчиликларни бартараф этиш, аҳолини автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шуларни эътиборга олиб, Сизлардан хавотирга берилмасликни ва ёнилғи тақчиллиги рўй бериши ҳамда нархининг ошиши ҳақидаги турли шов-шувларга ишонмасликни ҳамда хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига зид равишда хонадонингизда ёки мосланмаган бирон жойда автобензинни тўплаб, хонадонингиз, оила аъзоларингизни хавф-хатарга қўймаслигингизни сўраймиз!

Сизларни яна бир бор Янги йил билан муборакбод этиб, ёнилғи таъминотида узилиш бўлмаслигини маълум қиламиз.

27.12.2015 йилҲурмат билан,
«Ўзнефтмаҳсулот» АК
раҳбарияти